Халқаро ташкилотлар Тожикистонни Би-би-си мухбирини озод қилишга чақирди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийга Би-би-си радиоси мухбири Ўринбой Усмонов душанбадан бери ҳибсда сақланаётгани хусусида ташвиш билдирилган мактуб жўнатди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Тожикистондаги Би-би-си мухбирининг қўлга олинганини қоралаб, унинг дарҳол қўйиб юборилишини талаб қилди.

- Бугун эълон қилган баёнотимизда биз Тожикистон ҳукуматини дарҳол қўйиб юборишга чақирдик. Биздаги ва Би-би-си маълумотига кўра, жаноб Ўринбой Усмонов ҳозир ҳам қамоқда сақланмоқда. У Тожикистондаги Ҳизбут-Таҳрир исломий гуруҳи ҳақида ёзган мақолалари учун қўлга олинган, - деди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўлими ходими Музаффар Сулаймонов.

Тожикистондаги АҚШ элчихонаси Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Ўринбой Усмонов ҳибсга олингани юзасидан хавотир билдирди.