АҚШ Ал-Заваҳирийни ўлдиришни ваъда қилди

Айман Ал-Заваҳирий.

АҚШ Айман Ал-Заваҳирий Ал-Қоида гуруҳига янги етакчи бўлганини қоралади.

АҚШ қуролли кучлари бош штаби бошлиғи адмирал Майк Маллен Ал-Заваҳирийнинг тақдири ҳам АҚШнинг махсус кучлари томонидан 2 май куни Покистонда ўлдирилган Ал-Қоида раҳбари Усама бин Ладинники каби бўлишини айтди.

- У (Ал-Заваҳирий) ва унинг ташкилоти бизга ҳозир ҳам таҳдид солмоқда. Биз Усама бин Ладинни қўлга олиш ёки ўлдириш учун қидирув ишлари олиб бордик ва мақсадга эришдик. Биз Завоҳирий билан ҳам худди шундай йўл тутамиз,- деди адмирал Маллен.

16 июн куни Ал-Қоидага алоқадор вэб-сайтда эълон қилинган хабарга кўра, мисрлик Айман Ал-Заваҳирий Ал-Қоида гуруҳига етакчи этиб танлангани билдирилган.

Усама бин-Ладен ўлдирилгунига қадар Ал-Заваҳирий Ал-Қоида гуруҳида иккинчи шахс бўлган.

Мисрда туғилган, 60 ёшли Ал-Заваҳирий мутахасислиги бўйича шифокор.

Ҳозир Ал-Заваҳирийнинг қаерда эканлиги аниқ эмас, унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Унинг Покистон билан Афғонистон чегарасидаги ҳудудларда яширингани тахмин қилинади.

АҚШ Айман Ал-Заваҳирий қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион доллар мукофот беришни ваъда қилган.