Р. Ўтунбаева: Парламент қарори "шошилинч ва нотўғри"

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат парламентининг Фарғона.ру сайтини блок қилиш ҳақидаги қарорини “шошилинч ва нотўғри қарор”, деб атади.

“Сўз ва ахборот тарқалиши эркинлиги Қирғизистон халқи эришган нисбатан муҳим ғалабалардандир. Биз мулоқот қурамиз, ўз мухолифларимиз ва танқидчиларимиз билан баҳслашамиз, худди аввал бўлганидек уларнинг оғзини ёпмаймиз. Унутмайликки, Фарғона.ру сайтига кириш 7 апрел воқеаларига бир неча ҳафта қолганда ҳам ёпилган эди”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Мамлакат раҳбари Жўғўрқу Кенеш депутатлари эътиборини республика Конституцияси фуқароларнинг сўз ва ҳуқуқ эркинлигини тақиқловчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни қабул қилишга изн бермаслигига қаратди.