Елена Боннер вафот этди

Е.Боннер (ў) турмуш ўртоғи А.Сахаров билан, Горки, 1985 йил

18 июн куни таниқли Совет диссиденти Елена Боннер оламдан ўтди. У Владимир Путиннинг танқидчиси ва демократия ҳимоячиси эди.

Совет Иттифоқи давридаги таниқли диссидент Елена Георгиевна Боннер 18 июн куни 88 ёшида оламдан ўтди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Москва Хелсинки гуруҳининг асосчиларидан бири бўлган Боннер Россия раҳбари Владимир Путиннинг танқидчиси ва мамлакатдаги демократиянинг ҳимоячиси эди.

Унинг қизи Татяна Янкелевич онаси Массачуссет штатининг Бостон шаҳридаги ўз уйида вафот этганини айтиб, ўлим сабабини маълум қилмади.

Елена Боннер 1923 йил 15 февралда Туркманистонда партия ходими оиласида туғилган.

Унинг ота-онаси Совет режими томонидан қатағон қилинган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан сўнг Елена Боннер 18 ёшида ҳамшира бўлиб фронтга кетган.

Урушдан кейин Боннер тез фурсатда Совет Иттифоқидаги етакчи диссидентлардан бирига айланган.

1972 йилда Елена Боннер ядро-физикаси бўйича таниқли олим ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Андрей Сахаровга турмушга чиққан.

1984 йилда Боннер Горкий вилоят суди томонидан Совет Иттифоқига қарши фаолият олиб борганликда айбдор деб топилиб қамоқ жазосига ҳукм қилган. У жазо муддатини Горкий шаҳрида ўтаган.

1986 йил декабрида Елена Боннер турмуш ўртоғи Андрей Сахаров билан бирга Москвага қайтган.

Кейинроқ Боннернинг АҚШга саёҳат қилишига рухсат берилган.

1975 йил Андрей Сахаровга берилган Нобел тинчлик мукофотини Боннер Осло шаҳрида турмуш ўртоғи номидан қабул қилиб олган. Сахаров 1989 йилда вафот этган.

Елена Боннер 1994 йил 28 декабрга қадар РФ Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия аъзоси бўлган.

Чеченистонда уруш олиб бораётган сиёсий режим билан мулоқотда бўлишни истамаган Боннер комиссияни тарк этган.

Ўша вақтдан бери А.Сахаров Жамғармасига раҳбарлик қилиб келган Елена Боннер сўнгги йилларда АҚШда яшаётган эди.

Россия мухолифатининг "Путин кетиши кераклиги" ҳақида 2010 йил 10 мартда халлқа қилган мурожаатига Елена Боннер биринчи бўлиб имзо чеккан эди.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Елена Боннернинг вафоти инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун катта йўқотиш бўлганини айтди.

- Елена Боннерни Андрей Дмитриевич Саҳаровнинг аёли сифатида танир эдим. Иккинчидан, Елена Боннер айнан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида, биз ҳуқуқ ҳимоячилари учун намунали шахс бўлиб танилган инсон эди. Унинг ҳаёти собиқ Совет Иттифоқи даврига тўғри келди. Унга ва Сахаровга қилинган турли хил таъқиблар, боисмларни ўқиб, бу режимнинг Елена Боннер, Андрей Сахаров каби инсонларга нисбатан муносабати қандай эканини ёшлигимдан ўқиб ўрганганман. Шунинг учун Елена Боннернинг вафоти мен учун, нафақат мен учун балки унинг издошлари бўлган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари учун ҳам катта йўқотиш деб айтсам бўлади.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Елена Боннернинг ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти Россия Федерацияси учун катта фойда келтирганини айтди.

- Собиқ Совет Иттифоқи даврида Елена Боннер катта фаолият олиб борганини яхши эслайман. Ҳар бир чиқишида чиройли сўзларди ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида жуда қаттиқ танқид қила оларди. Елена Боннер Мемориал каби бир нечта ташкилот тузилишида ташаббускор бўлган. Бонер фаол бўлган пайтда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам жуда актив фаолият юритган. Россия Федерацияси Елена Боннердан жуда катта фойда кўрди. Ҳозирги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фаолларини Елена Боннернинг шогирдлари, десак бўлади.

Елена Боннер жума куни Москванинг Востряковский қабристонига дафн қилинади.