Обама Афғонистон бўйича режасини эълон қилади

Барак Обама Америка қўшинларини уйга қайтаришни ўз сайлов олди кампанияси давомида ваъда қилган.

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистондан Америка ҳарбийларини олиб чиқиш режасини бугун эълон қилиши кутилмоқда.

Кейинги пайтларда президент Обама Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар 10 йилга чўзилиб кетганидан норози бўлаётган Конгресс ва Америка жамоатчилигининг тобора ўсиб бораётган босими остида қолаётган эди.

Хабарларга қараганда, президент июлда бошланажак ҳарбийларни олиб чиқишга тайёргарлик жараёни ҳамда мамлакат хавфсизлиги учун масъулиятни 2014 йилда Афғонистон маъмурларининг ўзларига топшириш масалалари тўғрисида гапиради.

Афғонистондан олиб чиқилажак ҳарбийларнинг аниқ миқдори ҳамда бу жараённинг суръати ҳозирча маълум эмас.
Ҳозирда Афғонистонда қарийб 100 минг АҚШ ҳарбий хизматчиси бор.

Ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш масаласидаги ўз қарашлари тўғрисида бу мамлакатдаги АҚШ ҳарбийлари бош қўмондони генерал Дэвид Петреус ўтган ҳафтада президент Обамага ҳисоб берган эди.

Президент ўз режасини Вашингтонда эълон қилгач, эртасига Нью-Йоркдаги “Форт-Драм” базасига бормоқчи. “Форт-Драм” Афғонистон ва Ироқдаги амалиётларда иштирок этаётган ҳарбий қисмлар базасидир.

Хўш, келаси ойда Афғонистондан АҚШнинг қанча аскари олиб чиқилади? Бу шу кунда кўпчиликни қизиқтираётган масаладир.

Президент Обама 2009 йили Афғонистонга юборган қўшича 30 минг аскарнинг қачон қайтарилиши масаласи ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ҳарбий қўмондонлик Афғонистонда кўпроқ аскар узоқроқ муддат туриши лозим, деган позицияда. Қўмондонлик фикрича, толибларга қарши курашда эришилган ғалабалар ҳозирча узил-кесил эмас.

Вашингтондаги Демократия муҳофазаси жамғармаси таҳлилчиси Себастиан Горканинг фикрича, мамлакат хавфсизлиги учун масъулиятни 2014 йилдан бошлаб ўз зиммасига олишга афғонистонлик ҳарбийлар тайёр эмас.

- Оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, назорат қилиниши керак бўлган ҳудудларнинг умумий ҳажмидан келиб чиқиб, халқаро коалиция кучлари сони билан Афғонистон ҳукумати аскарлари сонини қиёслаганимизда биз анча олдинда эканлигимиз кўриниб қолади. Бу фактдир. Президент Ҳамид Карзай ҳукумати мамлакат суверенлигини сақлаб қолиш учун етарли куч-қудратга эга эмас, дейди Горка.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳарбийларни олиб чиқишнинг биринчи босқичини дабдабасиз ўтказиш керак, деган фикрда.

Жорий ой бошида президент Карзай билан учрашуви чоғида у “АҚШ исёнчилар билан энди афғонларнинг ўзи курашаверсин, деб ташлаб қўймайди”, деган эди.

- Афғонистонликлар икки нарсани унутмаслиги керак. Биринчидан, биз - АҚШ ва коалицияга кирган иттифоқчилар - ҳарбийларимизни олиб чиқаётганимизга қарамай, Афғонистон билан узоқ вақт ҳамкорлик қилдик. Биз Афғонистон хавфсизлик кучлари малакасини ошириш, уларни керакли техника билан таъминлаш, шунингдек, мамлакат ҳукуматини халқ турмушини яхшилаш йўлида қўллаб-қувватлашни давом эттираверамиз, деганди Гейтс.