Д.Медведев: "Парнас" яна ҳужжат топшириб кўрсин

Россия президенти Дмитрий Медведевга кўра, Халқ озодлиги партияси - “Парнас” нинг расмий қайддан ўтказилмаганлиги ортида сиёсий мотивлар йўқ.

"Московские новости" газетасининг мавзу юзасидан саволига жавоб берар экан Медведев партия лидерларини ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиб, яна бир бор қайддан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этишга чақирди.

Адлия вазирлиги ўзининг рад жавобини партия низоми ва қайддан ўтказиш учун тақдим этилган бошқа ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги билан изоҳлаган эди.

“Парнас” партияси ўтган йилнинг декабрида мухолифатдаги сиёсатчилар - собиқ бош вазир Михаил Касьянов, собиқ бош вазир ўринбосари Борис Немцов ва бошқа таниқли арбоблар томонидан тузилган.