АҚШдаги BBG агентлиги BBC мухбирининг ҳибсга олинишини қоралади

BBG федерал агентлиги раҳбари Валтер Исааксон.

АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситалари бошқарув кенгаши — Broadcasting Board of Governors (BBG) федерал агентлиги BBC ўзбек хизмати мухбири Ўринбой Усмоновнинг озод этилиши сўралган талабларни қувватлашини билдирди.

Баёнотда: “BBG агентлиги BBC корпорациясидаги ҳамкасбларининг Тожикистонда Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадорликда айбланган, BBC Жаҳон хизмати Ўзбек шўъбаси мухбири Ўринбой Усмоновнинг Марказий Осиёда тақиқланган исломий ҳаракат Ҳизб ут-Таҳрирга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинишига қарши норозилигига бирдамлик изҳор қилади”, дейилади.

Агентлик раҳбари Валтер Исааксон эса: “Бизнинг Radio Free Europeдаги ҳамкасбларимиз Усмоновни нозик масалаларни ҳам профессионал маҳорат билан фарқлай оладиган эркин фикрли журналист сифатида биладилар. Унинг Ҳизб ут-Таҳрирга оид хабарлари худди бошқа материаллари каби журналистика эди, жиноят эмас”, деб баёнот берди.

Айни пайтда Ўринбой Усмонов Ҳизб ут-Таҳрир фаолияти ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларини хабардор қилмаганлик айби билан Хўжанд ҳибсхонасида қолмоқда.