Сурия танклари мухолифатга қарши амалиëт бошлади

Сурия шимолий ғарбидаги Идлиб қишлоғи танклардан ўққа тутилди.

Қурбонлар сони ҳақида хозирча маълумот йўқ.

Кузатувчилар бу ҳолатни мамлакатнинг қишлоқ жойларидаги аксилҳукумат чиқишларига қарши ҳукуматнинг ҳарбий амалиëти деб баҳолашди.

Айни пайтда Сурияда президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар маълумотига кўра, ўтган ҳафта пойтахт Дамашқ, Хомс ва Кисва шаҳарларида уюштирилган намойишларда камида 15 киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Сурия давлат телевидениеси Дамашқнинг Барзе туманида тинч аҳоли вакиллари отиб ўлдирилишида номаълум қуролли шахсларни айблади.

Фаолларга кўра, март ойидан бери ҳукуматга қарши давом этаётган намойишларни бостириш жараёнида 1 минг 400 дан ортиқ одам хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган, 10 мингдан зиёд одам ҳибсга олинган, 12 мингга яқин суриялик Туркия ҳудудига қочиб ўтган.

Сурия ҳукумати қуролли жанггарилар 200 дан ортиқ хавфсизлик хизмати ва полиция ходимини ўлдирганини таъкидлаб келмоқда.