АҚШнинг Сурия ва Эрон расмийларига қарши санкция жорий қилди

АҚШ Сурия сиëсий хавфсизлик бошқармаси¸ разведка хизмати раҳбарлари ва Эрон миллий полициясига нисбатан жазо санкцияси жорий қилди.

Расмий Вашингтон бу ташкилотларни ва Сурия генералини март-апрел ойида намойишчиларни отиб ўлдирганликда айблади.

Уларнинг АҚШ ҳудудидаги банк ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилади ва улар билан ҳамкорлик қилишга таъқиқ қўйилади.

Бундан бир ой олдин АҚШ Сурия президенти ва унинг атрофидагиларга ҳам айни санкцияни жорий қилган эди.

Айни пайтда Сурияда президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар давом этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар маълумотига кўра, ўтган ҳафта пойтахт Дамашқ, Хомс ва Кисва шаҳарларида уюштирилган намойишларда камида 15 киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Сурия давлат телевидениеси Дамашқнинг Барзе туманида тинч аҳоли вакиллари отиб ўлдирилишида номаълум қуролли шахсларни айблади.

Фаолларга кўра, март ойидан бери ҳукуматга қарши давом этаётган намойишларни бостириш жараёнида 1 минг 400 дан ортиқ одам хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган, 10 мингдан зиёд одам ҳибсга олинган, 12 мингга яқин суриялик Туркия ҳудудига қочиб ўтган.

Сурия ҳукумати қуролли жанггарилар 200 дан ортиқ хавфсизлик хизмати ва полиция ходимини ўлдирганини таъкидлаб келмоқда.