Доминик Стросс-Кан уй қамоғидан озод бўлди

Ню Йорк суди ХВЖнинг собиқ раҳбари Доминик Стросс-Канни мамлакатдан чиқиб кетмаслик шарти билан уй қамоғидан озод қилди.

Бунга қадар New York Times нашри куч ишлатар тузилмалардаги расмийлар билан хос суҳбатларга таяниб, Стросс-Кан жинсий тажовуз қилганини даъво қилган аёлнинг жиноятчи шахслар билан кўп йиллик алоқалари борлиги ҳамда бундай шахслардан бири томонидан унинг банкдаги ҳисоб рақамига сўнгги икки йил ичида 100 минг АҚШ доллари миқдорида пул қўйилгани ҳам аниқлангани ҳақида ёзган эди.

Гарчи бу маълумотлар аёлнинг жинсий тажовузга учраганини тўғридан-тўғри шубҳа остига қўймасада, аммо унинг Доминик Стросс-Канга нисбатан илгари сурган даъволари ишончлилига суд ҳайъатида шубҳа уйғотиши мумкинлиги кутилган эди.

Эндиликда Стросс-Кан 18 июлга белгиланган кейинги суд маҳкамасига қадар бемалол ҳаракатланиши мумкин.