С.Лавров: Россия-НАТО сўзлашувлари енгил кечмаяпти

Россия Ташқи ишлар вазири Сочида бораётган НАТО-Россия кенгаши навбатдаги сўзлашувлари "кутилгани каби енгил кечмаётгани"ни айтди.

Россия вазирига кўра, НАТО Ливияда олиб бораётган ҳарбий амалиётлар ва АҚШнинг Европадаги давлатларда ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимини яратиш истаги борасидаги келишмовчилик бунга сабаб бўлмоқда.

НАТО раҳбари Андерс Фог Расмуссен эса бугунги йиғилишни очиб берар экан, Россия ва НАТО раҳбарияти ўртасида ўтган йили ноябр ойида бўлган учрашувда ваъда қилинган ҳамкорлик тўғрисидаги чақириқни эслатди.

- Лиссабонда биз ракета ҳужумидан мудофаа тизими бўйича ҳамкорликка оид янги имконларни топишга қарор қилганимиз ҳақида жиддий ишоратлар берган эдик. Бу ерда эса қатор вазифалар назарда тутилган ҳамда биз тезкор натижалардан кўра, яхши натижаларга эришиш зарур эканини англаган эдик. Биз ҳозир шу руҳда давом этишимиз ва 29 аъзо давлатнинг хавфсизлигини сақлаш бўйича хавотирларини ҳисобга олишимиз керак, - деди НАТО Бош котиби.

Айни пайтда НАТО-Россия сўзлашувлари доирасида ташқарида икки томонлама сўзлашув ўтказган Россия президенти Димитрий Медведев ва Жанубий Африка президенти Якоб Зума НАТО етакчилигида Ливияда бораётган ҳарбий амалиётларга танқидий муносабат билдиргани айтилмоқда.

Шунингдек, бугун Ливиядаги исёнчи гуруҳлар Қаддафий қўшинларига қарши янги ҳарбий юришни бошлаш ҳаракатида эканини билдирди.