Ҳолландия суди Ҳолландияни айбдор, деб топди

Ҳолландия апелляцион суди 1995 йилдаги Сребреница қатлиоми пайтида уч нафар босниялик мусулмон эркакнинг ўлдирилишида Ҳолландия давлатини жавобгар, деб топди.

Суд матбуот котиби ўқиб эшиттирган ҳукмга кўра, ўша пайтда Боснияда жойлашган ҳолланд тинчликпарвар кучлари Сребреницани ишғол қилган серб кучларига “уларни (уч босниялик эркакни) топширмаслиги керак эди” ва шунинг учун уларнинг ўлдирилиши учун Ҳоллнадия ҳукумати жавобгардир.

Суд қурбонларнинг яқинларига компенсация пули тўлашни буюрди.

1995 йилда Сребреница шаҳри БМТ мандати бўйича ҳолланд тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлган пайтда шаҳарни серб кучлари босиб олган ва 8 минг мусулмон эркак ва ўғил болаларни қатлиом қилган.

Ҳолландия ҳукумати воқеа рўй берган пайтда ўз қўшинлари БМТ томонидан ташлаб қўилганини айтиб келади.

Кузатувчиларга кўра, сешанба кунги суд ҳукми туфайли Сребреница қатлиомининг бошқа қурбонлари яқинлари ҳам Ҳолландия давлатидан товон пули ундиришга уриниши мумкин.