Афғонистондаги авиаҳалокатда 4 ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Афғонистон шимолида ҳалокатга учраган Озарбайжоннинг SilkWay авиаширкатига қарашли ИЛ-76 юк ташувчи самолёти экипажининг барча аъзоси нобуд бўлди.

Озодлик боғланган SilkWay ширкати расмийси самолёт экипаж аъзоларидан тўрт нафари ўзбекистонликлар бўлганини айтди.

- Экипаж тўққиз аъзодан иборат бўлган. Улардан тўрт нафари ўзбекистонликлар. Биз экспертиза комиссиясини туздик. Улар афғонистонга жўнаб кетади. Ҳозирча бу тўғрида бошқа ҳеч нарса айта олмаймиз, - деди ўз исмини айтмаган ширкат вакили.

Афғонистоннинг Парван вилояти ҳокими Башар Саланги айтганига асосланиб Озарбайжондаги Тренд ахборот агентлигининг хабар қилишича, ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутиси топилган.

Саланги учувчилар жасадлари куйиб кетгани боис уларнинг шахсини аниқлаш имконсиз эканини маълум қилган.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот вакили, Британия армияси майори Тим Жеймс Ил-76 самолёти денгиз сатҳидан 3,800 метр баландликда, тоғли минтақада ҳалокатга учраганини билдирди.

Маълумотлрга кўра, озарбайжонлик авиаторлар халқаро коалиция кучлари билан шартнома асосида Афғонистонга гуманитар юкларни етказиш билан шуғулланган.