Борис Немцовга Россиядан чиқиш тақиқланди

Борис Немцов.

Россия мухолифати етакчиси, собиқ Бош вазир ўринбосари Борис Немцовга ярим йил давомида мамлакатни тарк қилиш тақиқланди.
Борис Немцов бу ҳақда 7 июл куни Страсбургда Европарламентнинг демократия ва инсон ҳақлари муҳокамасига бағишланган йиғилишида қатнашаётган пайти хабар топди.

Россия суд ижрочилари Федерал хизмати Немцовга мамлакатдан чиқиш ҳақида тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

Бироқ Немцов адвокати Вадим Прохоров ўз қўлида Борис Немцовга олти ой давомида Россияни тарк этиш тақиқлангани ҳақида 5 июл куни суд ижрочилари томонидан имзоланган ва муҳрланган ҳужжат борлигини айтди. Адвокатга кўра¸ Немцовга қўйилган тақиқ унинг табиий газ савдоси билан шуғулланувчи Геннадий Тимченконинг Бош вазир Путин билан яқинлиги ва шу яқинлик боис бойиб кетгани ҳақидаги баëнотлари билан боғлиқ.

Жорий йилнинг февралида Gunvor компанияси эгаларидан бири Геннадий Тимченко “Путин. Натижалар. 10 йил” мақоласи муаллифлари Борис Немцов билан Владимир Миловни судга берган эди. Тимченко мазкур мақолада “Путиннинг эски дўстлари, жумладан, Тимченко ҳам Путиннинг хокимиятга келганидан кейин миллиардерга айлангани” ҳақидаги фикрлари учун раддия беришни талаб қилган эди.

Немцовга кўра, тақиқ борасидаги суд қарори сиёсий буюртма бўлиб, Россия бош вазири Владимир Путин “Парнас” учун ундан қасос олаяпти.

Борис Немцов тақиқга қарамай Россияга қайтиш ниятида эканлигини маълум қилди.