Туркманистондаги ҳарбий омборда портлаш рўй берди

Туркманистоннинг Ободон шаҳридаги ҳарбий омборда рўй берган портлаш маҳаллий аҳоли оммавий эвакуациясига сабаб бўлди ва атрофдаги биноларга жиддий шикаст етказди.

Озодлик манбаларининг маълум қилишича, биринчи портлашнинг кучи омбор яқинидаги уйлар ва бошқа биноларга шикаст етказган.

Ободон 50 минг аҳолиси бор, пойтахт Ашхободдан 20 километр ғарбда жойлашган шаҳардир.

Манбаларнинг айтишича, портлаш оқибатида аскарлар ва шаҳар аҳли орасида жароҳатланганлар бор.

Гувоҳларга кўра, воқеа жойига ҳарбийлар, полиция ва ўт ўчирувчи биргадалар етиб келган, лекин омборда портлашлар ҳамон давом этмоқда.

Минглаб одамлар шаҳардан олиб чиқилаётгани айтилмоқда. Шунингдек порталшдан хосил бўлган қора тутун Ашхободдан кўриниб тургани ҳам хабар қилинмоқда.

Туркманистон расмийлари омборда фейерверклар учун ишлатиладиган пиротехника воситалари портлаганини баён қилди.

Ободондаги ҳарбий омбор Туркманистонда энг йирик ҳисобланади.