АҚШ Карзай укасининг ўлдирлганини қоралади

Аҳмад Вали Карзай.

Қўшма Штатлар Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг укаси ўлдирилганини “кескин қоралашини” баён қилди.

Оқ уй матбуот котиби Жэй Карни Обама маъмурияти кеча Қандаҳордаги уйида тансоқчиларидан бири отиб ўлдирган Аҳмад Вали Карзайнинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдирганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти ҳам қотилликни қоралади. Департамент матбуот вакили Виктория Нуланд “Афғонистон муаммоларни бндай йўл билан ҳал этиб бўлмайди”, дея баён қилди.

- Зўравонлик биз истаётган демократик ривожланишга етишишнинг йўли эмас. Биласиз, биз ҳоким Карзай билан, бутун мамлакатдаги ҳокимлар билан ҳамкорлик қилганимиз каби, коррупцияга чек қўйиш, наркотиклар савдосини тўхтатиш ва ҳоказо масалаларда яқиндан ишлаб келганмиз, деди АҚШ расмийси.

Қандаҳор вилоят кенгаши раиси Аҳмад Вали Карзай Афғонистон жанубидаги энг нуфузли ҳукумат вакилларидан бири ҳисобланар эди. Унинг исми коррупция билан боғлиқ жанжалларда ҳам аралашган эди.

Толибон ҳаракати қотиллик учун маъсулиятни ўз зиммасига олиб, уни “эришилган энг катта ютуқ”, дея атади.