Ҳилманд губернаторига суиқасд қилинди


Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида Ҳамид Карзайнинг укаси Аҳмад Вали Карзайнинг дафн маросимига кетаётган Ҳилманд вилояти губернатори Гулаб Мангал кортежига ҳужум уюштирилди.

Афғон расмийларига кўра, ҳужум оқибатида икки ҳарбий яраланган, бироқ губернатор Гулаб Мангалга шикаст етмаган.

Воқеа Қандаҳорнинг Майванд туманида содир этилган, йўлга ўрнатилган бомба узоқдан бошқариладиган ускуна ёрдамида портлатилган.

НАТО ҳарбийлари дафн маросимига борадиган йўлдан яна иккита бомба топиб, уларни зарарсизлантирган.

Ҳужум учун маъсулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.