Мумбайда яна портлаш

Мумбай, 13 июл, 2011 йил.

Мумбайда чоршанба куни кечқурун бирин-кетин рўй берган учта портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлди 100 дан ошиқ одам жароҳатланди.

Портлашларнинг уччаласи ҳам одам гавжум жойларда амалга оширилди.
Ҳиндистон Ички ишлар вазири Паланиаппан Чидамбарам портлашларни “террорчилар томонидан амалга оширилган ҳужум” дея атади.

Бош вазир Манмоҳан Сингҳ Мумбай аҳлига мурожаат қилиб, “босиқлик ва бирдамлик”ка чақирди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумларни қоралади ва “Ҳиндистонга бу ёвуз жиноятларни амалга оширган кимсаларни жавобгарликка тортишда ёрдам” таклиф қилди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам ҳужумларни қоралади.

- Биз одамлар орасида қўрқув ва парокандалик келтириб чиқаришга қаратилган даҳшатли зўравонлик ҳаракатларини қоралаймиз. Уларни амалга оширганлар мақсадига ета олмаслигини билиб қўйишлари зарур, деди Клинтон.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний қўшма баёнот эълон қилиб, одамлар орасида қурбонлар бўлганидан “таассуфда” эканликларини билдирди.

Чоршанба кунги портлашлар учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ.

Бу 2008 йил ноябрида Мумбайда 166 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳуружлардан бери энг талафотли портлашлар бўлди.