БМТ Хавфсизлик кенгаши Мумбай портлашларини қоралади

India -- Police officials inspect a bomb blast site at the Opera house area in Mumbai, 13Jul2011

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ҳиндистон молиявий маркази Мумбай шаҳрида 21 киши ҳалок бўлган ва 140 қа яқин одам жароҳатланган портлашларни кескин қоралади.

Мумбайда кеча кечқурун бирин-кетин учта портлаш рўй берди. Портлашларнинг уччаласи ҳам одам гавжум жойларда амалга оширилди.

Ҳиндистон Ички ишлар вазири Паланиаппан Чидамбарам портлашларни “террорчилар томонидан амалга оширилган ҳужум” дея атади.

Бош вазир Манмоҳан Сингҳ Мумбай аҳлига мурожаат қилиб, “босиқлик ва бирдамлик”ка чақирди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумларни қоралади ва “Ҳиндистонга бу ёвуз жиноятларни амалга оширган кимсаларни жавобгарликка тортишда ёрдам” таклиф қилди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам ҳужумларни қоралади.

- Биз одамлар орасида қўрқув ва парокандалик келтириб чиқаришга қаратилган даҳшатли зўравонлик ҳаракатларини қоралаймиз. Уларни амалга оширганлар мақсадига ета олмаслигини билиб қўйишлари зарур, деди Клинтон.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний қўшма баёнот эълон қилиб, одамлар орасида қурбонлар бўлганидан “таассуфда” эканликларини билдирди.

Чоршанба кунги портлашлар учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ.

Бу 2008 йил ноябрида Мумбайда 166 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳуружлардан бери энг талафотли портлашлар бўлди.

Ўшанда ҳужумни Покистондаги Лашкари Тоиба гуруҳининг 10 жанггариси амалга оширган эди.