Обама Далай Лама билан учрашади

Обама билан Далай Ламанинг ўтган йилги учрашуви ҳам Пекин норозилигига сабаб бўлган эди.

16 июл куни Вашингтонда АҚШ президенти Барак Обама тибетликлар диний раҳнамоси Далай Лама билан учрашади.

Учрашув муносабати билан Оқ уй эълон қилган баёнотда айтилишича, учрашувда тибетликларнинг ҳуқуқлари мавзуси ва Далай Ламанинг Хитой ҳукумати билан мулоқатига доир масалалар кўрилади.

Расмий Пекин Обамани Далай Лама билан учрашувни бекор қилишга чақирди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мурожаатида ушбу учрашув “ички ишларга аралашиш” ўлароқ баҳоланади.

Обама билан Далай Ламанинг ўтган йилги учрашуви ҳам расмий Пекин норозилигига сабаб бўлган эди.

76 ёшли Далай Лама 1959 йилдан буён Ҳиндистонда сургунда яшамоқда. Расмий Пекин Далай Ламани Тибет мустақиллигига эришиш йўлида сепаратчилик фаолияти юритаётганликда айблайди. Бироқ Тибетнинг қувғиндаги етакчиси бу каби иддаоларни инкор қилиб келмоқда.