Мердокнинг Британиядаги менежери Брукс ҳибсга олинди

Медиа-магнат Руперт Мердокнинг Британиядаги етакчи муҳаррири Ребекка Брукс ҳибсга олингани айтилмоқда.

Британия полицияси телефон ҳакерлиги бўйича айбловлар ортидан 43 ёшли аёл ҳибсга олинганини тасдиқлади, аммо аёлнинг шахсига оид маълумотларни ошкор қилмади.

Бу вақтга қадар Британия полицияси Руперт Мердокка қарашли News of the World нашрининг ходимлари қилмиши ортидан қўзғатилган жиноий ишга алоқадорликда гумон қилиниб, 9 киши ҳибсга олинганини маълум қилган.

43 ёшли Ребекка Брукс маълум муддат News of the Worldнинг муҳаррири бўлган.

Жума куни эса у Мердокнинг Британиядаги газеталари менежери лавозимидан истеъфо берган эди.

Икки кундан сўнг унинг бу можаро бўйича суриштирув олиб бораётган парламент қўмитаси олдида кўрсатма бериши ҳам кутилаётган эди.