Медведев Путин шаънини ҳимоя қилди

Quadriga мукофоти.

Ҳанноверда Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашган Россия президенти Дмитрий Медведев Владимир Путинга берилган Германия демократия мукофотининг қайтариб олинишини “қўрқоқлик“ деб атади.

Маркази Берлинда жойлашган Netzwerk Quadriga gGmbH хусусий жамғармаси сиëсий¸ иқтисодий ва маданий фаолияти орқали демократия равнақига ҳисса қўшган шахсларга бериладиган Quadriga мукофотининг 2011 йилги соҳиблигига Россия Бош вазири Владимир Путинни танлаган эди.

Аммо кўп ўтмай жамғарма кенгаши аъзолари ва мукофот соҳибларининг кучли босими остида мукофотнинг Путинга берилмаслиги ва бу йилги мукофот топшириш маросимининг бутунлай бекор этилганини эълон қилди.
Айтилишича¸ 2009 йилги Quadriga соҳиби¸ Чехия собиқ президенти Вацлав Ҳавел агар демократия мукофоти халқаро майдонда демократия ғаними деб қараладиган Путинга берилса¸ ўз мукофотидан воз кечишини билдирган.

2003 йилдан бери тақдим этилаëтган Quadriga мукофоти ҳозирга қадар собиқ СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев¸ Украина собиқ президенти Виктор Юшченко ва Франция собиқ Ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер каби таниқли сиëсий арбобларга тақдим этилган.