Толиблар Мулла Умар ўлганини инкор қилмоқда

Мулла Умар.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўз олий етакчиси Мулла Умарнинг ўлганига оид хабарларни инкор қилмоқда.

Ҳаракат матбуот котиби¸ ўзи ва бошқа айрим толиблар телефонларига ҳакерлик ҳужуми бўлгани ва улардан сохта хабарлар тарқатилганини даъво қилди.

Толиблар сўзчиси Забиуллоҳ Мужоҳид¸ Мулла Умарнинг ўлими ҳақида тарқатилган сохта хабар Америка разведкасининг иши эканини иддао қила туриб¸ бунинг учун ўч олинажагини таъкидлади.

“Руҳоний етакчимиз Мулла Муҳаммад Умар Мужоҳид ўлди. Оллоҳ унинг руҳини шод қилсин!” деган хабар Толибон матбуот котиблари Забиуллоҳ Мужоҳид ва Муҳаммад Қори Юсуф қўл телефонларидан тарқатилган эди.