Горан Ҳажич Ҳаага Трибунали ихтиёрига берилди

1990 йилларда собиқ Югославияда бўлган уруш даврида инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланган Горан Ҳажич Ҳаага жўнатилди.

Сербия Адлия вазири Снежана Малович бу ҳабарни тасдиқлади.

- Бугун тонгда мен Горан Ҳажични Ҳаага трибуналига экстрадиция қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзоладим. Бу ҳаракат билан Сербиянинг Ҳаага трибунали билан ҳамкорлигига оид улкан мажбурияти тўла бажарилди, - деди Малович.

Ҳажич чоршанба куни Белгард шимолидаги Фрушка Гора миллий боғида қўлга олинган эди.

52 ёшли Горан Ҳажич Ҳаага трибуналидан етти йил давомида яшириниб келди.

Ҳажич Ҳаагадаги БМТ трибунали томонидан Болқон уруши даврида юзлаб хорватларнинг ўлдирилишида ҳамда 1991-1995 йилларда 28 минг хорватнинг мажбурий депортация қилинишида айбланмоқда.