Г.Ҳажич илк бор Ҳаага трибунали маҳкамасига олиб келинади

Горан Ҳажич бугун 1991-1995 йиллардаги уруш даврида содир этилган инсониятга қарши ва уруш жиноятларига оид айбловлар бўйича илк бор маҳкамага келтирилиши кутилмоқда.

Ўтган ҳафта чоршанба куни Белградда ҳибсга олинган Ҳажич жума куни Ҳаага трибунали ихтиёрига берилган эди.

Бугун Ҳажич унга қўйилган 14 та модда бўйича айбловларга иқрор экани ёки эмаслигига оид маҳкама саволларига жавоб беради.

Горан Ҳажич Ҳаага трибунали томонидан қидирилаётган сўнгги серб зобити эди.

52 ёшли Горан Ҳажич Ҳаага трибуналидан етти йил давомида яшириниб келди.

Ҳажич Ҳаагадаги БМТ трибунали томонидан Болқон уруши даврида юзлаб хорватларнинг ўлдирилишида ҳамда 1991-1995 йилларда 28 минг хорватнинг мажбурий депортация қилинишида айбланмоқда.