АҚШ Конгрессида четдан қарз олиш миқдорини ошириш бўйича тортишув давом этмоқда

АҚШ Конгрессида мамлакатнинг четдан қарз олиш миқдорини кўпайтириш борасида республикачилар ва демократлар ўртасида яқин фурсатда келишувга эришилиш эҳтимоли бор.

Агар 2 августгача қарз олишдаги чекловлар бекор қилинмаса, АҚШ ўз қарзларини тўлай олмаслиги ва мамлакат дефолтга юз тутиши мумкин.

Якшанба куни республикачилар ва демократлар фавқулодда йиғин ўтказиб, бу масала бўйича муроса йўлларини муҳокама этишди.

Сенатда кўпчиликни ташкил этувчи демократлар етакчиси Ҳарри Реид қарз олиш миқдорини ошириш борасида муросага эришилиши борасида комил ишончда экани, Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннел эса келишувга эришилишига яқин қолганини айтди.

Ҳозирда Америка ҳукумати 14.3 триллиондан ортиқ қарз ололмайди, аммо камомад 1.5 триллионга етган.

Экспертлар фикрича, агар АҚШ Конгрессида четдан қарз олиш миқдорини ошириш борасида келишувга эришилмаса, бунинг жаҳон бозоридаги доллар қурбига салбий таъсир этиши ва дунё молия бозорида беқарорликларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.