Миср собиқ раҳбарлари устидан судлов давом этмоқда

Миср пойтахти Қоҳирада бугун собиқ ички ишлар вазири Хабиб ал-Адли устидан судлов жараёни қайта бошланди.

Собиқ вазир билан полиция собиқ раҳбариятининг яна олти аъзоси судланмоқда.

Судланаётганлар собиқ президент Муборак каби жорий йил февралида юзлаб намойишчини ўлдирганликда айбланмоқдалар.

83 яшар Муборак Қоҳирада кеча бошланган судда ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.

Феврал ойида Мисрдаги халқ исёни пайти 850 одам хавфсизлик кучлари тарафидан ўлдирилган ва бу наймойишлар ортидан Муборак истеъфо берган эди.

Агар айблов исботланса, Муборак ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Муборак устидан бошланган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси 15 август куни бўлиши билдирилди.