Ҳафта суратлари - 30 июл-5 август, 2011

Россия президенти Дмитрий Медведевни қўллаб-қувватловчи интернет- жамоаси аъзоси Москвада ташкил қилинган ëшларни жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичишдан қайтарувчи фестивалда қўлида бир челак пиво билан қатнашмоқда. Фаоллар Медведевнинг 2011 йил июл ойида алкоголизмга қарши курашиш ва спиртлик ичимликлар сотилишини назорат қилиш учун пивони расман спиртли ичимлик дея қайд қилган қарорини қўллаб-қувватлашмоқда. Ассошиэйтед пресс учун Дмитрий Костюков сурати

Собиқ Миср президенти Ҳусни Муборак, унинг иккала ўғли Алаа ва Гамал, шунингдек Миср собиқ Ички ишлар вазири ва яна бошқа олти собиқ расмий устидан намойишчиларга қарши ўт очганлик айби билан Қоҳира чеккасидаги Полиция академияси биносида бўлаëтган суд пайтида Муборакка қарши намойишчи кўчада қўлига дор арқонини ушлаб турибди. Ассошиэйтед пресс учун Амр Набил сурати

Бу расм Ҳусни Муборак устидан устидан бўлаëтган судни тасвирга туширган Миср давлат телевидениеси тасвири асосида ишланган. Бу мисрликларнинг собиқ президентни 10 февралдан бери илк бор кўришлари.

Кремл тарафдори бўлган ëш фаоллар Москвадан 450 километр узоқда жойлашган Селигер кўли ëнидаги ëзги лагерда президент Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин суратлари ëнида рақсга тушишмоқда. Ассошиэйтед пресс учун Михаил Мецел сурати

Селигер кўли ëнидаги форумга ташриф буюрган Россия Бош вазири Владимир Путин деворга чиқмоқда. Ассошиэйтед пресс учун Михаил Мецел сурати

2 август куни Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Абитуриентлар эрта тонгда Тошкент архитектура қурилиш институти олдида кириш имтиҳонлари топшириш учун йиғилишди. 2011-2012 ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртлари 62 минг 600 нафар талаба қабул қилади. Озодлик радиоси сурати

Киевдаги суд биноси олдида полиция ходимлари собиқ Украина Бош вазири Юлия Тимошенко тарафдорларини тинчлантиришга ҳаракат қилмоқда. Украина суди мамлакатнинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкони ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди. Ройтерс учун Владимир Синдеев сурати

Эрон ҳаво кучлари курсантлари ҳарбий кийимда Теҳрондаги университетда Жума намозини ўқишмоқда. Ассошиэйтед пресс учун Ваҳид Салами сурати

Россия Конституциясининг 31 моддасини ҳимоя қилиш учун чиққан намойишчи полиция томонидан қўлга олинмоқда. 31 модда митинг, намойиш ва йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқини беради. Ройтерс учун Денис Синяков

Покистонлик қизлар Лаҳорда жума намози пайтида мачитдан ташқарига қарашмоқда. Покистонда Рамазон Саудия Арабистонидан бир кун кеч бошланди. Чунки маҳаллий ҳукумат ой кўринишини тасдиқламади. Ассошиэйтед пресс учун Ориф Али сурати

Афғон болалари Нангарҳор провинциясидаги Жалолобод шаҳрида Қуръон ўқишмоқда. Ассошиэйтед пресс учун Раҳмат Гул сурати

Ëшлар Қримдаги тоғларда ташкил қилинган ҳарбий машғулотларда иштирок этишмоқда. Россия, Беларус, Украина ҳамда Абхазия ва Жанубий Осетиядан келган 100га яқин ëшлар қатнашишмоқда. Ройтерс учун Глеб Гаранич сурати

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Олмаотадаги метро поездида кетмоқда. Олмаота метроси жорий йилда очилиши кутилмоқда. Ройтерс учун Шамил Жуматов сурати