Вертолёт қулаши учун Толибон масъул бўлиши мумкин

АҚШ расмийлари "Толибон ҳаракати Америкага қарашли вертолётни уриб тушириб, ичидаги 38 кишини ўлдирган бўлиши мумкин", дея маълум қилди.

Жума кунги ҳодиса Афғонистондаги уруш бошланганидан бери АҚШ ҳарбийлари учун энг талафотли бўлди.

Вертолёт бортида АҚШнинг 30 аскари, етти нафар афғон десантчиси ва бир таржимон бўлган. Толибон ҳаракати ўтган жума куни Кобул яқинидаги Майдон Вардак вилоятида Чинук русумли вертолётни гранатомётдан уриб туширганини иддао қилди.

Пентагон ва НАТО расмийлари вертолёт қулаши сабаблари юзасидан тергов давом этаётганини маълум қилди.

Исми ошкор этилмаган АҚШ расмийси ҳалок бўлганлар орасида Усама Бин Ладинни йўқ қилган денгиз десантчилар отряди вакиллари бўлганини, бироқ уларнинг бу операцияда бевосита иштирок этгани “эҳтимолдан йироқ” эканини маълум қилди.