Афғонистонда НАТОнинг 4 аскари ҳалок бўлди

Афғонистондаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари ўз сафида хизмат қилган тўрт аскар иккита ҳужум қурбони бўлганини маълум қилди.

Франция расмийларига кўра, ҳалок бўлган НАТО аскарларининг икки нафари француз бўлган. Франция Президенти Николя Саркози маъмурияти француз аскарлари Тағоб водийсида жанггарилар билан отишма пайтида ҳалок бўлганини маълум қилди.

НАТО расмийлари яна бир ҳужум Афғонистон жанубида рўй берганини маълум қилди, лекин бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Афғонистонда мингга яқин қўшини бор Франция 2014 йилгача ўз ҳарбийларини мамлакатдан тўла олиб чиқишини эълон қилган.