Судя Тимошенкони озод қилиш сўровини қондирмади

Украина суди ҳимоячиларнинг собиқ Бош вазир Юлия Тимошенкони ҳибсдан озод қилиш ҳақидаги сўровини қондирмади.

Судянинг бу қарори эълон қилинган бир кезда Тимошенконинг минглаб тарафдори Киевдаги маҳкама биноси ташқарисида йиғилиб, ўз норозилигини билдирди.

Юлия Тимошенко 2009 йилда Россия билан имзоланган газ тўғрисидаги келишувлар ижроси даврида мамлакат бюжетига катта миқдорда зарар етказганлик мазмунида айбланган.

Ўтган жума куни судяга беҳурматлик қилгани ва уни президент Виктор Януковичнинг "қўғирчоғи", деб атагани учун суд Тимошенкони ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган эди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи унинг ҳибсда сақланиши ҳақидаги суд қарорини танқид қилган.