НАТО Триполи иддаоларини инкор қилди

НАТО мулозимларининг айтишларича, Ливия ғарбидаги Злитен шаҳри яқинидаги қишлоққа қилинган ҳаво ҳужуми “қонунийдир” ва Триполининг ҳужумда 85 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлганига оид иддаолари асоссиздир.

Полковник Ролан Лавой Неаполдаги қароргоҳида ўтказган видеоконференция пайтида ҳаво ҳужумида Ливия етакчиси Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар ҳарбий мақсадларда ишлатган фермалар нишонга олинганини таъкидлади.

НАТО “ҳужумлар яқинида истиқомат қиладиган ва ишлайдиган бегуноҳ фуқароларга зарар етказмаслик учун эҳтиёт чораларини кўради”, дея қўшимча қилди полковник.

Ливия ҳукумати матбуот вакили Мусса Иброҳим Злитен яқинидаги ҳужумда қишлоқнинг 85 кишиси, жумладан, 33 бола ҳалок бўлганини баён қилди.