Мустақилликка қадар битмайдиган иморатлар

Миродил Жалолов қамалиб¸ у юрғизган "Зеромакс" конгломерати расман касод деб эълон қилингач¸ яқинларгача Ўзбекистон иқтисодини назорат қилиб келган бу ширкат бошлаган улкан қурилишлардан бири - 35 минг томошабинга мўлжалланган "Бунëдкор" стадиони музлатиб қўйилди. Дастлабки лойиҳага кўра¸ 150 миллион АҚШ долларига битиши лозим бу ўйингоҳни мустақиллик байрамига қадар тугатиш илинжида Тошкент қурилиш моллари бозорига маскалилар ўтказган рейд ҳам¸ йўл ҳаракати қоидаларини бузганлардан олинаëтган отнинг калласидек жарималар ҳам ëрдам бермаëтир. Энг камтар ҳисоб-китобга кўра 30 миллион АҚШ долларига тушиши айтилаëтган "Бунëдкор" стадионининг 2012 йил Наврўз байрамига қадар битказилиши кутилмоқда.

"Зеромакс" бошлаб¸ охирига еткизмай кетган қурилишлардан яна бири - кўп қаватли турар-жой биноларидан бири. - Ўзбекистон пойтахтидаги энг бозоргир¸ энг қиммат районларда янги бойлар учун махсус уйлар қуришни ҳам ўз қўлига олган "Зеромакс" ўз мижозларини доғда қолдириб кетди - Ниëзбек йўли кўчасида бошланган бу уйлар учун олдиндан катта-катта пул тўлаган "зодагон"лар уй калити қачон қўлларига тегишини билолмай ҳалак. Уларнинг бу уйлар мустақиликка қадар битса керак¸ деган умидлари шу кунларда саробга дўнди.

"Зеромакс" бошлаб¸ охирига еткизмай кетган қурилишлар қатори узун. - Пойтахт Тошкентда бузилиши лозим эски бинолар қолиб¸ рисоладагидай жойларга қирғин солган "Зеромакс" қурилишларини битказиш учун маъсулиятни ким зиммасига олган¸ буниси ҳамон қоронғулигича қолмоқда.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси. - Ўзбекистон Сенатига аталган янги ялтироқ бино учун қурбон келтирилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг мустақилликнинг 20 йиллиги байрами арафасида бир неча йиллик саргардонликдан сўнг ниҳоят янги манзилига кўчиши кутилаëтган эди. Аммо Навоий проспектида қад ростлаган улкан кутубхона биносининг 1 сенябрга қадар ишга тушмаслиги бугун пойтахтликларга сир эмас. Тошкент марказидаги шоҳкўчалардан биридаги бу қурилиш фасадининг мустақиллик байрамига қадар ялтироқ ҳолга келтирилиши¸ унинг ичидаги ишларнинг эса¸ ҳали-вери битмаслиги тахмин қилинмоқда.

Навоий кўчасидаги бир пайтлар гавжум савдо расталари ўрнида янги иморатлар қад ростламоқда. - Навоий шоҳкўчасининг сал пастроғида ҳар бири 40 хонадондан иборат саккизта етти қаватли уйнинг 1 сентябр – Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги санасига қадар қуриб, битказилишо ваъда қилинган - бу ердаги қурилиш майдони қаршисида пайдо бўлган эълон тахтасида қурилишнинг шу йил апрел ойида бошланиши ва сентябр ойида тугаши ëзилган эди. Ушбу эълон тахтасида қурилишга масъул, дея номи битилган тўртта ташкилот – “Ўзкимёсаноат”, “Тошнефтгазқурилиш”, “Ўзнефтгазқурилишинвест”, “Тошкентбошплан лити” ташкилотлари расмийлари бу борада Вазирлар Маҳкамасидан кўрсатма бўлгани ва 1 сентябрга қадар кўрсатманинг бажарилиши шартлигини билдирган эди. Аммо мустақиллик байрамига саноқли кунлар қолганда ҳамон устунлари тикланаëтган бу иморатларнинг 1 сенябр тугул¸ 1 январга қадар битиши ҳам даргумон.

"Ўртоқ" кондитер маҳсулотлари фабрикаси вайроналари. - Tошкентда Олой бозори яқинидан жойлашган “Ўртоқ” номли кондитер фабрикаси зудлик билан бузиб ташланди - аммо унинг ўрнига нима қурилиши ҳозирга қадар номаълумлигича қолмоқда. Бир пайтлар¸ бутун СССР да донг таратган "шоколадхона" вайроналари Ўзбекистон мустақиллигини ғариб ҳолда қарши олмоқда. Айрим манбалар¸ байрам кунлари бу вайронанинг бир кечада “яшил майдон” майдонга айланиб қолиш эҳтимолини ҳам инкор қилмаëтир.

Олой бозорининг бузилган қисмида автомобиллар дам олмоқда.... - Тошкент марказидаги Олой бозори биқинидаги бир пайтлар гавжум тамаддихоналар¸ савдо расталари ва дорихоналар ўрни бугун машиналар учун пуллик тўхташ жойига айланди. Норасмий манбалар¸ бу ялангликда ҳам бир кун келиб ҳокимларга маъқул қурилишлар қад ростлашини тахмин қиладилар.

Тошкентдаги Паркент бозорининг қурилиш моллари сотиладиган қисми бугун шу кўйга солинган. - Пойтахтда кичик халқа йўл қуриш режасига биноан бутун республикани қурилиш материаллари билан таъминлаб келган Паркент қурилиш моллари бозори ҳам теп-текис қилинди. Мустақилликка қадар бу майдондан қандай йўл ўтадию¸ унинг қачон қуриб битирилиши мавҳумлигича қолмоқда.

"Ташсельмаш" заводидан қолгани шу. - Пойтахтнинг "Машинасозлар" метро бекатига ном берган Ўзбекистондаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири "Ташсельмаш" заводи ҳам улкан даъволар билан бузиб ташланди. Ўн минглаб одамларни ўнлаб йил иш билан таъминлаб келган завод ўрнида қад ростлайдиган бинонинг бугун фақат қоғоздаги аксигина бор¸ холос.

"Ташсельмаш" заводи қолдиқлари. - Завод маъмурияти биноси мустақиллик байрами арафасида талончилар хуружига учраган каби мунғайиб турибди.

Бузилган тўрт қаватли поликлиникадан бўшаган майдон. - Ҳамза туманидаги тўрт қаватлик поликлиника ўрнида мустақиликка қадар парк бунëд қилиш даъвоси билан бузиб ташланди¸ аммо бир пайтлар гавжум поликлиника ва дорихона ўрнидаги майдон¸ ҳозирча чангга ботганича қолмоқда.