Кэмерон тартибсизликларни енгишга ваъда берди

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон парламентда қилган чиқишида ўз ҳукуммати мамлакатда авж олган зўравонликларни бартараф қилиш учун барча воситларни ишга солаётганини таъкидлади.

- Бу бемаъни зўравонлик ва талончилик мағлуб этилмагунча ҳамда кўчаларимизда қонун ва тартиб тўла қайта ўрнатилмагунча тўхтамаймиз,- деди Кэмерон.

Парламент фавқулодда мажлисида у Англия шаҳарларида авж олган тартибсизликларни тўхтатиш мақсадида ўз ҳукумати кўраётган чораларни тасвирлаб берди.

Кэмерон тартибисизликлар давом этадиган тақдирда армияни жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилди.

Ҳукумат, деди у, полицияга кўпроқ ваколат беради ҳамда ўз уйи ва бизнесидан маҳрум бўлганларга товон пули тўлайди.

Шанба куни бошланган тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб Лондон ва бошқа шаҳарларда мингдан зиёд одам ҳибсга олинди.