Британияда 900 кишига айблов эълон қилинди

Лондондаги 8 август кунги тартибсизлик

Лондон полицияси ўтган ҳафта охирида зўравонликлар содир этган қарийиб 900 кишига айблов эълон қилди.

Тўрт кун давом этган зўравонлик, талон-тарож ва биноларга ўт қўйиш воқеаларига алоқадорликда гумон қилинган 1,900 киши полиция томонидан ҳибсга олинди.

Лондон, Бирмингэм ва Манчестер шаҳарларидаги судлар зўравонликларга оид юзлаб жиноий ишни икки кундан бери тинимсиз кўриб чиқмоқда.

Мудҳиш зўравонликлар пайтида беш киши нобуд бўлди. Хабарларга кўра, полиция қотилликка алоқадорликда гумон қилинган уч шахсни сўроқ қилмоқда.

Лондон полицияси бошлиғи Тим Годвин олиб борилаётган ишлар ҳақида мухбирларга буларни айтди.

- Бизни кенг жамоатчилик қўллаб-қувватламоқда. Биз жиноятлар содир этган барча шахсларни аниқлаш борасида тинимсиз иш олиб олиб боряпмиз. Гарчи ойлар талаб қилса ҳам биз бу ишларни хоримай давом эттирамиз, - деди Лондон полицияси бошлиғи.