Обама: сиёсатчилар кураши иқтисодиётга путур етказмоқда

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Америка халқига ҳафталик радиомурожаатида Демократлар ва Республикачилар ўртасидаги кураш АҚШ иқтисодиётига путур етказаётганини таъкидлаб, Конгрессни сиёсий тортишувларга барҳам беришга чақирди.

- Биз партиялар кураши олдинга интилишимизга тўсиқ бўлишига йўл қўя олмаймиз. Баъзилар учун келаси сайловда муваффақияга эришиш фикри, ишни ҳозир тўғри йўлга қўйиш уринишидан муҳимроқ. Конгрессдаги бази кишилар Американинг ғалабасидан кўра, рақиблари мағлубиятини кўришни кўпроқ хоҳламоқда. Бизга айнан шу нарса халал бермоқда, - деди АҚШ раҳбари.

Обама икки партия аъзоларини бюджет камомадини камайтириш хусусида муросага ундади. Яқинда Конгресс бир неча йил ичида бюджет камомадини кескин камайтириш шарти билан АҚШ давлат қарзлари лимитини кўтаришга рози бўлди.

Бироқ Демократлар ва Республикачилар камомадни камайтириш билан боғлиқ қатор масалаларда келишувга эришгани йўқ.