Афғонистондаги ҳужумда 22 киши нобуд бўлди

Парвон вилояти ҳокими генерал Абдул Башир Саланги

Афғонистоннинг Парвон вилояти ҳокимлиги биносига бир неча ҳудкуш ҳужум қилгани оқибатида 22 киши нобуд бўлди, 34 нафари яраланди.

Хабарларга кўра, ҳужум оқибатида 16 нафар давлат идораси ходими ва олти полициячи ҳалок бўлган.

Ундан олдин Парвон вилояти ҳокими Абдул Башир Саланги TALO News телеканалига мажлис ўтказаётган пайтида олти худкуш ҳужум бошлаганини айтган эди.

Ҳоким ва бошқа гувоҳларга кўра, отишма пайтида иккита кучли портлаш рўй берган.

Сўнгги бир йил давомида толиблар жанггарилари Афғонистоннинг Покистонга чегарадош шарқий минтақаларида ҳукумат идораларига қарши тез-тез ҳужум уюштириб келмоқда.