Мисрда инқилобчи аёлга айблов эълон қилинди

Миср ҳарбий прокуратураси таниқли фаол аёл Асма Маҳфузни мамлакат олий ҳарбий раҳбариятига Интернетдаги ижтимолий тармоқлар орқали туҳмат қилганликда ҳамда зўравонликка чақириқлар амалга оширганликда айблади.

Миср инқилоби арбобларидан бири сифатида танилган Асма Маҳфузнинг адвокати фикрича, унинг мижозига қарши эълон қилинган айблов бошқа барча фаолларга қилинган огоҳлантирувдир.

Асма Маҳфуз кеча сўроқ қилинганидан сўнг 3500 доллар миқдоридаги гаров пули эвазига қўйиб юборилди. Адвокат Али Атифнинг айтишича, гаров пулини Маҳфузнинг дўстлари йиғиб тўлаган. Эндиликда Маҳфуз судлов бошлангунича озодликда юриши мумкин.

Асма Маҳфуз айбдор деб тан олинса, 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.