БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия бўҳронини муҳокама қилади

Нью Йоркдаги дипломатларга кўра, 18 август куни кечқурун бошланадиган махсус сессияда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Нави Пиллай иштирок этади.

Йиғилишда Пиллайнинг Халқаро жиноятлар судни Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларини бузгани ҳақидаги даъволарни ўрганиб чиқишга чақириши кутилмоқда.

Сурияда ҳукуматга қарши беш ойдан бери давом этаётган намойишларда икки мингга яқин одам ўлгани айтилмоқда.

Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидан олдин Башар ал-Ассад билан телефон орқали сўзлашган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Сурия раҳбарини намойишчиларга нисбатан куч қўллашни тўхтатиш ва ислоҳотлар ўтказишга чақирди.

БМТ расмийларига кўра, Ассад Бан Ки Мунга “ҳарбийлар ва полиция кучлари олиб бораётган амалиётлар тўхтатилгани”ни айтган.