Триполида Муаммар Қаддафий қароргоҳи ўққа тутилди

Бугун тонгдан Триполи шаҳрининг Муаммар Қаддафий қароргоҳига яқин қисмида қаттиқ отишма бўлди.

Исёнчилар Триполи шаҳрининг каттагина қисмини ўз назоратига олганини айтмоқдалар. Бугунги хабарларга кўра, Қаддафийга мойил кучлар қаршилиги тобора сустлашиб бормоқда.

Ҳозир Муаммар Қаддафийнинг қаерда экани номаълум. Аммо, унинг бир ўғли Саиф ал-Ислом ҳибсга олинган, яна бири Муҳаммад Ҳадафий эса исёнчилар томонидан уй қамоғида сақланмоқда.

Якшанба куни мамлакат расмий телевидениеси орқали берган баёнотида Муаммар Қаддафий ҳокимиятда қолишини айтган ва ўз тарафдорларини Триполига келиб, шаҳар хавфсизлигини сақлашга чақирган эди.