Би-Би-Си мухбири Тожикистонда қийноққа солинган

Хўжанд шаҳри ҳибсхонасидаги тергов жараёни чоғида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов қийноққа солинган.

Бу ҳақда Усмоновнинг адвокати Файзинисо Воҳидова маълум қилди.

Маҳкама жараёнида ҳимоячисининг саволларига жавоб бера туриб, Ўринбой Усмонов ўзининг ҳибсда пайти қийноққа тутилганини айтиб берган.

Журналистга кўра, у калтакланган ва хавфсизлик зобитлари томонидан қўлларига сигарет чўғи босилган.

59 ёшли Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир фирқасига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Аммо Би-би-си мухбири ўзига қўйилаётган барча айбловларни инкор этиб келади.