АҚШ ва ЕИ Сурия бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этди

Европа Иттифоқи ва АҚШ Сурия ҳукуматига нисбатан санкция қўллаш чақириқлари битилган резолюция матнини ҳозирлади.

Рейтер агентлиги қўлга киритган резолюция лойиҳаси матнида Сурия раҳбари Башар Ассад ва мамлакатнинг яна 22 нафар мартабали расмийсига нисбатан санкция қўллаш таклифи бор.

АҚШ ва ЕИ делегацияси БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига тарқатилган ҳужжат яқин кунларда овозга қўйилишига умид қилмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ва кенгашда вето ҳуқуқига эга Россия Сурия раҳбарига нисбатан бу каби санкциялар қўллашнинг ҳозир мавриди эмаслигини билдирган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай март ойи ўрталаридан бугунга қадар Сурияда 2200 дан ортиқ инсон ўлдирилганини қайд этди.

БМТ раҳбари Бан Ки Мун Сурия хавфсизлик кучлари томонидан керагидан ортиқ куч ишлатиш ва инсон ҳуқуқларининг кенг миқёсда поймол этиш ҳолатларидан чуқур хавотирда эканини билдирди.