Ню Йоркда тўфон туфайли 250 минг одам эвакуация қилинади

Ню Йорк мери Майкл Блумберг “Айрин” тўфони яқинлашаётгани боис шаҳарнинг қирғоқ соҳилида яшовчи фуқаролар хавфсиз жойга кўчирилиши ва жамоат транспорти ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қилди.

Шанба куни камида 250 минг одам эвакуация қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, шанба куни Ню Йоркда метро, автобус ва поездлар ишламайди. Айни пайтда минглаб халқаро авиарейслар ҳам бекор қилинди.

“Айрин” тўфони ортидан Багама оролида бир қатор талофатлар кузатилди.

Тахминларга кўра, бугун тўфон Шимолий Каролина штати қирғоқларига яқинлашаяпти. Кейинчалик довул Вашингтон, Ню Йорк ва Бостонга ўтиши айтилмоқда.