Бағдод масжидидаги портлашда 29 киши ўлди

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги Уммул-Қуръа масжидида
содир этилган портлашда 29 киши ҳалок бўлди, 40 одам жароҳатланди.

Полиция маълумотига кўра, суннийларга қарашли бўлган Уммул-Қуръа масжидида кечги ибодатдан сўнг худкуш ўзини портлатиб юборган.

Ҳалок бўлганлар орасида Ироқ парламенти депутати Ҳалид ал-Фаҳдавий ҳам бўлган.

Портлаш бўйича маъсулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олганича йўқ.

БМТнинг Бағдоддаги вакили Эд Мелкерт Ироқдаги икки йиллик фаолиятидан сўнг истеъфога кетиши олдидан гапира туриб, АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан олиб чиқилгандан кейин Ироқ хавфсизлик кучларининг вазиятни назорат қилишига шубҳа билдирди.

Амалдаги келишувга кўра АҚШнинг барча ҳарбийлари жорий йилнинг декабригача Ироқдан олиб чиқилиши керак.