Сурия президенти матбуот бўйича янги фармонни имзолади

Сурия президенти Башар Ассад оммавий ахборот воситалари фаолияти тўғрисидаги янги фармонни имзолади.

Ушбу фармонда матбуот эркинлиги, шунингдек, журналистларни таъқибдан ҳимоялаш кафолатланади, бироқ "миллат бирлиги ва хавфсизлигига таҳдид қилувчи материаллар" таъқиқланади.

Жорий йилнинг март ойида оммавий норозилик бошлангач Башар Ассад мамлакатда ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилиб, фавқулодда вазиятни бекор қилиш тўғрисида, кўп партиявийлик борасидаги бир қанча ҳужжатларни ҳам имзолаган эди.

Бироқ Сурия мухолифати бундан қониқмасдан Башар Ассад истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда.

Айни пайтда Сурияда норозиликлар давом этмоқда. Якшанба куни ҳукумат кучлари Хан Шайхун шаҳрига қилган ҳужуми оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди.

28 август куни Туркия президенти Абдулла Гул расмий Анқара Башар Ассадга нисбатан бутунлай "ишончни йўқотган"ини айтиб, Ассад истеъфосини талаб қилди.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда март ойидан буён 2200 дан зиёд одам ўлдирилган.