Ироқ масжидидаги портлаш масъулиятини ҳеч ким зиммасига олмади

Уммул-Қуръа масжиди.

Бағдоддаги масжидга уюштирилган ҳужумда камида 28 киши ўлди, ўнлаб одам жароҳатланди.

Ўлганлар орасида Ироқ парламенти қонунчиси Ҳолид ал-Фаҳдавий ҳам бор.

Расмий маълумотларга кўра, якшанба куни ҳудкуш ҳужумчи Уммул-Қуръа масжидида намоз бўлаётган кезда ўзини портлатиб юборган.

Ҳозирча бу хуруж учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмади.

Ироқ ғарбида жойлашган Уммул-Қуръа масжиди сунний мусулмонлар намоз ўқийдиган ва суннийларнинг диний раҳнамолари йиғилиб турадиган марказий масжидлардан биридир.

Бу Ироқда сўнгги кунларда содир этилган энг йирик хуружлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Бунга қадар 15 август куни мамлакат бўйлаб кетма-кет бир неча автомобил портлатилган ва камида 70 одам қурбон бўлган эди.

Мамлакат расмийлари бу ҳужумлар учун Ал-Қойдага алоқадор гуруҳларни айблаган эди.