Мустақиллик 20 йиллигига "Олтин Амнистия" бўлмади

Президент Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан кутилаётган амнистия актини эълон қилмасликка қарор қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматидаги Озодлик манбасининг айтишича, "Олтин Амнистия" дея кутилаётган актни эълон қилмаслик қарори шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи томонидан қабул қилинган.

Бундай қарор қабул қилиниши сабаблари ҳозирча номаълум. Аммо, ҳукуматдаги манбалар буни президент Каримовнинг хорижда Ўзбекистон халқ ҳаракати каби мухолиф гуруҳлар фаоллашганидан норози экани билан боғламоқда.

Бунга қадар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари, қамоқдан озод қилинган кўп йиллик сиёсий маҳбуслар ва шунингдек, ҳукумат таркибидаги расмийлар ҳам Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан кенг кўламли амнистия эълон қилиниши кутилаётганини айтган эди.

"Олтин Амнистия"га қамоқда кўп йиллардан буён ўтирган ва шу вақтга қадар амнистия акти қўлланмаган сиёсий маҳбуслар ҳам илиниши мумкинлиги кутилаётган эди.

Мавжуд қонунчиликка биноан Ўзбекистонда Мусатқиллик ва Конституция куни муносабати билан эълон қилинадиган Амнистия акти президент томонидан тайёрланади ва тасдиқлаш учун Сенатга тақдим этилади.