Туркия 160 курд сепаратчини йўқ қилди

Туркия ҳарбийлари Ироқ шимолидаги курд айирмачилари базаларига уюштирган ҳужум натижасида 160 нафар курд жанггариси йўқ қилинди.

Бу ҳақда 29 август куни Туркия ҳарбийлари маълум қилди.

17 август куни Туркия жанубий-шарқида курд жанггариларининг турк ҳарбийларига қилган ҳужуми оқибатида саккиз аскар ҳалок бўлганидан кейин Туркия мудофаа вазири Исмат Йилмас "ҳарбийлар ўлими учун ўч олиниши"ни маълум қилди.

Шундан кейин Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари курд жанггариларининг Ироқ шимолидаги базаларига зарба беришни бошлади.

Курд айирмачилари вакили ҳаво ҳужумлари бўлганини тасдиқлади, бироқ қурбонлар бўлганини рад этди.

Ироқ расмийлари Туркия ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан етти киши ўлганини айтиб, расмий Анқарага норозилик билдирди.

Сўнгги бир ой давомида Курдистон ишчилар партияси жанггариларининг ҳужумлари оқибатида жами қирқдан зиёд турк ҳарбийси ҳалок бўлган.

Курд жанггарилари 1984 йилдан буён Туркия жанубий-шарқида мухторият талаб қилиб, қуролли қаршилик кўрсатиб келмоқда. Ўшандан буён 45 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.