Грозний ҳужумини уч ҳудкуш содир қилгани аниқланди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров.

Чеченистоннинг Грозний шаҳрида содир этилган террор хуружини уч ҳудкуш амалга оширган.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев баёнотига кўра, хуружда қурбон бўлганлар сони 9 кишига, жароҳатланганлар сони эса 22 кишига етган.

Сешанба куни оқшом парламент биноси ёнида содир этилган террор хуружи кейинги йиллар ичида Грознийда бўлган энг мудҳиш ҳодиса сифатида баҳоланди.

Грознийликлар Рамазон ҳайитини нишонлаётган пайтда аввалига бир ҳудкуш ўзини портлатган. Полиция вакиллари воқеа жойига келган пайтда эса яна икки нафари ўзини портлатиб юборган.

Ҳозирча бу хуруж учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Аммо, Чечечнистон етакчиси Рамзан Қодиров бунинг ортида Доку Умаров жанггарилари турибди, деб ҳисобламоқда.

- Бу ҳужум ортида Доку Умаров жанггарилари турибди. Бизнинг вазифамиз уларни топишдир. Улар яна бир карра инсон эмаслиги, мусулмон эмаслиги ҳамда улар учун инсон ҳаёти ҳеч қандай қимматга эга эмаслигини кўрсатишди, - деди Рамзан Қодиров.

Россия қўшинлари 10 йил муқаддам айирмачи кучларни Чеченистон ҳокимиятидан қувиб солган бўлсада, бу мамлакатда исломий исёнчиларга қарши кураш ҳануз давом этмоқда.