Эрон президенти Душанбега расмий сафарини бошлади

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод 4 сентябр куни Тожикистонга икки кунлик расмий сафарини бошлади.

Мазкур ташриф Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига кўра амалга ошмоқда.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Али Ашқар Шердўст Форс ахборот агентлигига Аҳмадийнажодга ташқи ишлар, соғлиқни сақлаш ва энергетика вазирлари ҳамроҳлик қилишини маълум қилган эди.

Расмийларга кўра, Маҳмуд Аҳмадийнажод Вахш дарёсида Эрон қурган “Сангтўда-2” ГЭСининг тантанали ишга туширилиши маросимида қатнашади.

Мазкур ГЭС ва ундан олинадиган даромадга Тожикистон 12 йилдан кейин эгалик қилиши айтилмоқда.

Эрон ва Тожикистон раҳбарлари сўзлашувида бошқа иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларини ҳам муҳокама қилишлари кутилмоқда.